Аскар оналарини шарафлаймиз

Янгиликлар

2

Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши, “Камолот” ЁИҲ, Тошкент Давлат юридик университети ҳамкорлигида “Аскар оналарини шарафлаймиз” мавзусида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда ҳарбийлар ва фахрийлар, ўқитувчилар, ҳарбий қисмда йигитлик бурчини ўтаётган ҳарбийлар ва уларнинг ота-оналари, талабалар, эстрада хонандалари ҳамда театр актёрлари иштирок этди.

“Ўзбекфильм” миллий агентлиги киноактёри Р.Алиев ва бошқалар Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа қудратини юксалтириш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар фуқароларимизнинг тинч-осойишта ҳаёти ва жамият тараққиётининг муҳим омили бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Тошкент давлат юридик университети мутахассислари мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини янада ошириш ва юртимизда тинчликни ҳимоя қилишда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида сўзлаб берди.

Тадбир давомида аскар оналари ҳамда ҳарбий қисмда намунали хулқи, юқори натижалари билан барчага ўрнак бўлиб келаётган ҳарбийлар тадбир ташкилотчилари томонидан қимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирланишди.

Тадбир “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонандалари ижросидаги концерт дастури билан якунланди.

Print Friendly, PDF & Email